Шрифт о'лчами: A A A
Рангли Сайт: A A A A
Ишонч телефонлари:
(+998 71)234-11-03
(+998 71)235-80-61
Бош саҳифа > Янгиликлар > Пойтахтимизда ЎзЛиДеП сиёсий кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди


Пойтахтимизда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси сиёсий кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. 

Партия сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси раиси С.Турдиев ва бошқалар шу йилнинг 4 декабрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови натижаларига тўхталиб, сайлов миллий қонунчилигимиз талаблари ҳамда умумэътироф этилган халқаро меъёрларга мос равишда очиқлик, ошкоралик, муқобиллик асосида ўтганлигини алоҳида таъкидлади. Унда партиядан кўрсатилган номзод Шавкат Мирзиёев сайловчиларнинг 88,61 фоиз овози билан Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига сайланди. 

Президент сайловида халқимиз юксак сиёсий фаоллик намойиш этиб, тараққий этган демократик мамлакатлар қаторидан жой олиш, очиқ ва адолатли жамият барпо этиш йўлидаги стратегик мақсад ҳамда вазифаларимиз амалга оширилишини давом эттириш, юртимиздаги тинчлик ва барқарорликни янада мустаҳкамлаш, одамлар турмуш даражасини изчил юксалтириб боришдек эзгу ислоҳотларимиз изчиллиги учун овоз берди. 

Мажлисда ушбу сиёсий тадбирда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси муносиб иштирок этгани, партиядан кўрсатилган номзоднинг сайловолди дастури халқимиз қалбидан чуқур жой олгани ҳамда тўлиқ қўллаб-қувватлангани, бу партиянинг барча тузилмавий бўғинларига, унинг ҳар бир фаоли зиммасига катта масъулият юклаши таъкидланди. 

Йиғилишда Конституциямизнинг 98-моддасига асосан, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодини кўрсатиш масаласи сиёсий кенгаш аъзолари томонидан атрофлича муҳокама қилинди. Асосий қонунимизга биноан, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партия томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентига кўриб чиқиш учун тақдим этилади. 

Муҳокамалар давомида таъкидланганидек, Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастурида илгари сурилган масалаларни ҳаётга тўла татбиқ қилиш кўп жиҳатдан ҳукумат раҳбарига ҳам боғлиқ. 

Муҳокамалар натижасида Ўзбекистон Республикаси Президентига Бош вазир лавозимига Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Абдулла Арипов номзодини тавсия этиш тўғрисида қарор қабул қилинди. 

Йиғилишда «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши раиси Б.Ғаниев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати К.Жумамуратова, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ректори М.Жуманов, партиянинг Бухоро вилояти кенгаши раиси Ф.Аминов ва бошқалар Бош вазир лавозимига тавсия этилаётган номзод ҳақида ўз фикрларини билдирди. 

Мажлисда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси сиёсий кенгаши ваколатига кирадиган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди. 

Дилшод Каримов, ЎзА
 
Манба: Uza.uz
673 
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech