Шрифт о'лчами: A A A
Рангли Сайт: A A A A
Ишонч телефонлари:
(+998 71)234-11-03
(+998 71)235-80-61
Бош саҳифа > Янгиликлар > Ёшлар соғлом ахборот муҳити тарафдори


“Туркистон” саройида “InfoCOM – 2014” ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги доирасида ёшлар ўртасида “MIT.uz” миллий интернет танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
II миллий интернет танлови Президентимиз Ислом Каримовнинг шу йил 6 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш доирасида “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан қатор вазирлик, идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилди. Тадбир ёшларни глобаллашув шароитида ахборот хуружларидан ҳимоя қилиш, уларнинг замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмасини ошириш, шунингдек, амалга оширилаётган ислоҳотларни интернет тармоғи орқали кенг ёритишда ёшлар иштирокини кенгайтиришга қаратилган.
Мамлакатимизда мунтазам ўтказиб келинаётган интернет танлов ва фестиваллари, уларда иштирокчилар сафининг кенгайиб бораётгани Президентимиз раҳнамолигида ахборот соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасидир. Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 27 июндаги Ўзбекистон Республикасининг Миллий ахборот-коммуникация тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори 2013-2020 йилларда мамлакатимиз ахборот ресурслари, тизим ва тармоқларини янада ривожлантириш стратегиясини белгилашга хизмат қилмоқда.
“MIT.uz” миллий интернет-танлови мамлакатимиз ахборот ресурслари ва сервисларини яратиш ҳамда ривожлантириш, ёшлар учун мўлжалланган, шунингдек, ахборот маданиятини шакллантиришга кўмаклашадиган сифатли интернет лойиҳаларини оммалаштириш, хавфсиз интернет маконини таъминлаш, иқтидорли ёшларни рағбатлантириш, ёш веб-дизайнер ҳамда дастурчиларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, интернетда ёшлар сегментини янада кенгайтиришга қаратилган.
Жорий йилда танловда 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган 1300 нафарга яқин ёшлар қатнашди.
Танловга ижодий ишлар билан бир қаторда қарийб 300 интернет-сайт, 800 ариза – фотосуратлар, видеороликлар ва фотоколлекциялар ҳам тақдим этилди. Шуниси эътиборлики, танлов қатнашчиларининг 80 фоиздан зиёди талабалардир. Тақдим этилган сайтларнинг 60 фоиздан ортиғи шу йил ишга туширилган.
Танловга келиб тушган 1300 дан зиёд ижодий ишнинг энг яхшилари тўққизта асосий ва учта қўшимча номинация бўйича танлаб олинди. Чунончи, “Ўзбекистоннинг бой маданияти, санъати, тарихи ва мустақиллик ғоясини акс эттирадиган энг яхши сайт”, “Маҳалла, қишлоқ ва шаҳарнинг энг яхши фотосурати”, “Ўзбек мумтоз шеърияти ва адабиётини тарғиб қилувчи ва ёшлар иштирокида тайёрланган энг яхши ролик”, “Ўзбекистоннинг иқтисодий ва сайёҳлик салоҳиятини акс эттирувчи энг яхши сайт”, “Энг яхши янгиликлар сайти”, “Фойдаланувчилар фикри бўйича энг яхши сайт” ва бошқа номинациялар бўйича учтадан совриндор аниқланди.
“Ўзбекистоннинг иқтисодий ва сайёҳлик салоҳиятини акс эттирувчи энг яхши сайт” номинациясида жиддий рақобат кузатилди. Ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этилаётгани самарасида шу мавзудаги сайтларга бўлган қизиқиш тобора ортиб бораётир. Ушбу номинацияда kommersant.uz сайти биринчи, vizitxorezm.uz ва bizplan.uz сайтлари иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллади.
– Мен яратган kommersant.uz сайти ўқувчиларга Ўзбекистон ва дунёдаги бизнес ҳақидаги долзарб ва ишончли ахборотни тезкор тақдим этмоқда, – дейди веб-дастурчи Адҳам Бозоров. – Ушбу веб-ресурс муваффақияти унга бўлган талаб билан бевосита боғлиқдир. Ўз фаолиятини энди йўлга қўйган ёш тадбиркорлар мазкур сайтда фойдали маълумот, маслаҳат ва қўлланмаларни топиши мумкин.
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзАнинг www.uza.uz сайти интернет-танловнинг “Икки тилда яратилган энг яхши сайт” номинацияси ғолиби бўлди.
– Жорий йилги танловда иштирокчилар сони ва тақдим этилган ишлар сифати бўйича ўтган йилгига нисбатан сезиларли ўсиш кузатилди, – дейди “MIT.uz” миллий интернет танлови ҳайъат аъзоси Алишер Тожиев. – Танлов иштирокчиларининг фаолиятини диққат билан кузатиб борамиз ва уларнинг лойиҳаларини янада такомиллаштиришга кўмаклашамиз.
Тадбир доирасида иштирокчилар ва ғолибларнинг юздан ортиқ фотосурати, шунингдек, ёш дастурчиларнинг энг яхши веб-ишланмалари ва дастурий таъминоти кўргазмаси ҳам бўлиб ўтди.
Миллий интернет танлови ғолиб ва совриндорларига диплом ва мукофотлар топширилди.
Бобур Обидов, Ё.Шамсиддинов (сурат), ЎзА
829 
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech