Шрифт о'лчами: A A A
Рангли Сайт: A A A A
Ишонч телефонлари:
(+998 71)234-11-03
(+998 71)235-80-61
Бош саҳифа > Янгиликлар > Бахт шаҳрида 16 ёш оила "Камолот" уйига кўчиб ўтди


Сирдарё вилоятининг Бахт шаҳрида ёш оилалар учун барпо этилган “Камолот” уйи фойдаланишга топширилди. 

Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида “Камолот” уйлари қурилиб, ижтимоий фаол ёш оилаларга узоқ муддатли имтиёзли кредит эвазига, бошланғич бадалсиз берилмоқда. Бу вазифаларни тизимли амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 8 сентябрдаги “Мамлакатнинг ижтимоий ҳаётида фаол қатнашаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамият касб этаётир. 

Сирдарё вилоятидаги “Бунёдкор – Дилдора қурилиш” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан қарийб 2 миллиард 300 миллион сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилди. 2 қаватли икки ва уч хонадан иборат “Камолот” уйи 16 ёш оилага топширилди. 

Давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши фаоллари, жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбирда ёш оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш шароитини янада яхшилашга қаратилаётган доимий эътибор аҳоли фаровонлиги ва турмуш маданиятини юксалтириш билан бирга, юртдошларимизнинг ҳаётга муносабатини ўзгартириб, эртанги кунга ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани таъкидланди. 

– Оиламиз билан икки хонали уйга кўчиб ўтдик, – дейди янги хонадон соҳибларидан бири Маматкарим Ризаев. – Хоналари кенг ва ёруғ. Бу ерда фарзандларимиз билан тўкин ва бахтиёр яшашимиз учун барча қулайликлар яратилган. Бундай эътибор ва ғамхўрликдан миннатдормиз. 
 

А.Қаюмов, ЎзА
 
Манба: Uza.uz
2241 
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech